Оммавий ахборот воситалари вакилларини
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузурида аккредитация қилиш
ТАРТИБИ
I. Умумий қоидалар
1. Оммавий ахборот воситалари (бундан буён матнда ОАВ деб юритилади) журналистларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) ҳузурида аккредитация қилиш Қонунчилик палатасида ўтказиладиган тадбирлар ҳақидаги ахборотларнинг тезкор, очиқ, кенг ва холис ёритилишини ташкил этиш мақсадида амалга оширилади.
2. Аккредитация «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва ушбу Тартибга мувофиқ амалга оширилади.
3. Мазкур Тартибда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
журналист – меҳнатга оид ёки бошқа шартномавий муносабатлар асосида оммавий ахборот воситалари учун хабарлар ва материалларни тўплаш, таҳлил этиш, таҳрир қилиш, тайёрлаш ҳамда тарқатишга доир фаолиятни амалга оширувчи шахс;
техник ва хизмат кўрсатувчи ходим – ОАВнинг таҳририяти томонидан журналист(лар)га бириктирилган мультимедиа мутахассиси, телеоператорлар, фотожурналистлар, теле-, кино- ва видеоаппаратларга, алоқа ва бошқа техник воситаларга хизмат кўрсатувчи мутахассис, таржимон, пардозчи;
аккредитация – тегишли ОАВ таҳририятининг буюртманомаси асосида журналистнинг ваколатларини Қонунчилик палатаси томонидан эътироф этиш тартиботи бўлиб, Қонунчилик палатаси фаолиятини ОАВда ёритиш учун журналистнинг рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи гувоҳномани бериш билан боғлиқ жараён.
4. Аккредитация қилинадиган журналистлар сони Қонунчилик палатаси томонидан ОАВ таҳририятлари билан келишилган ҳолда ушбу Тартибнинг 1-иловасида кўрсатилган миқдор доирасида белгиланади.
II. Аккредитация қилишни ташкил этиш
5. Аккредитация қилиш учун ОАВ таҳририяти томонидан таҳририятнинг расмий бланкасида ёзилган, ушбу Тартибнинг 2-иловасида келтирилган шаклдаги буюртманома Қонунчилик палатасининг Матбуот хизматига (бундан буён матнда Матбуот хизмати деб юритилади) тақдим этилади. Буюртманома ОАВ биринчи раҳбари ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс томонидан имзоланиши лозим.
6. Буюртманомага ОАВнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси, аккредитация қилиш учун тавсия этилаётган ОАВ журналисти, ОАВ таҳририятининг гувоҳнома бериладиган техник
ва хизмат кўрсатувчи ходимларининг фотосурати илова қилиниши лозим.
7. Аккредитация қилиш учун буюртманома ёзма ёки электрон шаклда (Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайти орқали) тақдим этилади.
8. Буюртманомани кўриб чиқиш ҳамда журналистларни аккредитациядан ўтказиш Матбуот хизмати томонидан буюртманома олинган санадан эътиборан ўн иш куни ичида амалга оширилади.
9. ОАВ журналисти бир йил муддатга аккредитация қилинади.
Аккредитация қилинган ОАВ журналистларига Матбуот хизмати томонидан ушбу Тартибнинг 3-иловасига мувофиқ шаклдаги «Аккредитация гувоҳномаси» берилади.
«Аккредитация гувоҳномаси» Қонунчилик палатаси Девонининг Ташкилий ишлар ва кадрлар бўлими томонидан тайёрланади.
Гувоҳнома Матбуот хизматининг раҳбари томонидан имзоланади ва унга Қонунчилик палатасининг муҳри қўйилади.
III. Аккредитация қилишни рад этиш
ёки аккредитацияни бекор қилиш
10. Қуйидаги ҳолларда журналистни аккредитация қилиш рад этилиши мумкин:
буюртманома мазкур Тартиб талабларига мос бўлмаганда;
реклама хусусиятига эга бўлган оммавий ахборот воситалари (реклама тарқатишга ихтисослашган газеталар, журналлар, теле-, радио каналлар ва бошқалар).
11. Журналистнинг аккредитация қилинганлиги ёки уни аккредитация қилиш рад этилганлиги ҳақида ОАВ таҳририятига маълум қилинади.
12. Қуйидаги ҳолларда журналистнинг аккредитацияси муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин:
журналисти аккредитация қилинган ОАВ фаолияти тугатилган ёки тўхтатиб қўйилганда;
белгиланган тартибда журналист томонидан Журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидалари бузилган деб топилган тақдирда;
журналист билан ОАВ таҳририяти ўртасида тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганда;
журналистнинг аккредитациясини бекор қилишни сўраб ОАВ таҳририяти томонидан Қонунчилик палатасига ёзма мурожаат йўлланган тақдирда.
13. Аккредитация қилинган журналист ишдан бўшатилган тақдирда ОАВ таҳририяти бу ҳақда дарҳол Матбуот хизматини хабардор қилади.
14. Журналистнинг аккредитацияси бекор қилинган тақдирда ОАВ таҳририяти «Аккредитация гувоҳномаси»ни бир иш куни ичида Матбуот хизматига қайтаради.
Журналистнинг аккредитацияси ушбу Тартиб 12-бандининг учинчи – бешинчи хатбошиларига мувофиқ бекор қилинганда ОАВ таҳририяти аккредитацияси бекор қилинган журналистнинг «Аккредитация гувоҳномаси»ни Матбуот хизматига қайтаргач, унинг ўрнига бошқа журналистни аккредитация қилишни сўраб ушбу Тартибга мувофиқ буюртманома тақдим этишга ҳақлидир.
15. «Аккредитация гувоҳномаси»нинг амал қилиш муддати тугаган, гувоҳномадаги маълумотлар ўзгартирилган ёки гувоҳномага шикаст етган бўлса ёхуд журналистнинг аккредитацияси бекор қилинган бўлса, журналист Қонунчилик палатаси биносига киритилмаслиги мумкин.
IV. Аккредитация муддатини узайтириш
16. Аккредитация муддати тугаган журналистнинг аккредитацияси узайтирилиши мумкин.
Бунда ОАВ таҳририяти журналистнинг аккредитация муддати тугашидан камида ўн кун олдин Қонунчилик палатасига янги муддатга аккредитация қилиш тўғрисидаги буюртманомани тақдим этади.
17. Қуйидаги ҳолларда аккредитация муддатини узайтириш рад этилиши мумкин:
буюртманома мазкур Тартиб талабларига мос бўлмаганда;
журналисти аккредитация қилинган ОАВ таҳририяти кейинчалик ўз йўналишини (ихтисослиги) ўзгартирган ва парламент фаолиятини ёритиш билан боғлиқ бўлмаган соҳаларнигина ёритаётган бўлса;
аккредитация қилинган журналист аккредитация муддати тугагунга қадар Қонунчилик палатасининг фаолиятини ёритиш билан шуғулланмаган тақдирда.
18. Аккредитация муддати узайтирилган тақдирда журналистга ушбу Тартибнинг 9-бандига мувофиқ «Аккредитация гувоҳномаси» берилади.
V. Бир марталик аккредитация қилиш
19. Қонунчилик палатаси томонидан ўтказиладиган муҳим тадбирларни, шу жумладан халқаро тадбирларни кенгроқ ёритиш учун бошқа журналистлар ҳам иштирок этиши керак бўлган ҳолларда журналистлар Қонунчилик палатаси ҳузурида бир марталик аккредитация қилиниши мумкин.
20. Журналистларни бир марталик аккредитация қилиш Матбуот хизматининг ОАВ таҳририятларига йўллаган таклифига асосан амалга оширилади.
ОАВ таҳририятлари журналистни бир марталик аккредитация қилиш учун ОАВнинг тўлиқ номи, манзили, телефон рақами, электрон манзили, аккредитация қилинадиган журналистларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, телефон рақамига доир маълумотларни Матбуот хизматига ёзма ёки электрон шаклда, таҳририят раҳбари ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс томонидан имзоланган ҳолда тақдим этади.
21. Бир марталик аккредитациядан ўтган журналистлар Матбуот хизмати раҳбари тасдиқлайдиган рўйхат асосида Қонунчилик палатаси биносига киритилади.
VI. Техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар
22. Қонунчилик палатасида ўтказиладиган тадбирларда аккредитация қилинган журналистлар билан бирга техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар иштирок этиши мумкин.
23. Аккредитация қилинадиган журналистлар билан бирга жалб этиладиган техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларга доир маълумот ОАВ таҳририяти томонидан ушбу Тартибнинг 2-иловасига асосан тақдим этиладиган буюртманомада кўрсатилади.
Қонунчилик палатасида ўтказиладиган тадбирларда техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар бир марталик аккредитация қилинадиган журналист билан бирга жалб этиладиган ҳолларда ОАВ таҳририяти ушбу ходимларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, телефон рақамига доир маълумотларни Матбуот хизматига ёзма ёки электрон шаклда, таҳририят раҳбари ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс томонидан имзоланган ҳолда тақдим этади.
24. Бир йил муддатга аккредитация қилинган журналистларга бириктирилган техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларга ушбу Тартибнинг
4-иловасига мувофиқ шаклдаги амал қилиш муддати бир йил бўлган гувоҳнома берилади.
Гувоҳнома Қонунчилик палатаси Девонининг Ташкилий ишлар
ва кадрлар бўлими томонидан тайёрланади.
Гувоҳнома Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати раҳбари томонидан имзоланади ва унга Қонунчилик палатаси муҳри қўйилади.
25. Бир марталик аккредитация қилинган журналистларга бириктирилган техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар Матбуот хизмати раҳбари тасдиқлайдиган рўйхат асосида Қонунчилик палатаси биносига киритилади.
VII. Якунловчи қоидалар
26. «Аккредитация гувоҳномаси», техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларга берилган гувоҳнома йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган ҳолларда ОАВ таҳририятининг мурожаатига асосан гувоҳноманинг дубликати берилади.
27. Матбуот хизмати аккредитация қилинган журналистларга уларнинг Қонунчилик палатасида ўтказиладиган тадбирларни ёритиш билан боғлиқ фаолиятига услубий ва маслаҳат жиҳатдан ёрдам кўрсатади, журналистларга ҳамда техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларга Қонунчилик палатаси биносида тегишли шарт-шароитлар яратилиши ҳамда журналистларни ушбу Тартибга риоя этишлари учун масъул ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Матбуот хизматига
_____________________________________нинг вакилларини
(ОАВ номи)
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузурида аккредитация қилиш учун
БУЮРТМАНОМА
ОАВ нинг тўлиқ номи ва тури | |
ОАВ нинг ихтисослашуви | |
Оммавий ахборотнинг тарқатиш шакли | |
ОАВ таҳририяти жойлашган почта манзили, индекси | |
ОАВ чиқишларининг даврийлиги | |
ОАВ нинг интернетдаги веб-сайти | |
ОАВ нинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари | |
ОАВ таҳририятининг телефон ва факс рақамлари, электрон почта манзили |
Аккредитация қилинадиган ОАВ журналистлари, гувоҳнома бериладиган техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар тўғрисида маълумотлар
Фамилияси, исми, шарифи |
Лавозими |
Паспорт маълумотлари (серияси, рақами, туғилган жойи ва санаси, доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзили) |
Телефон рақами, электрон почта манзили, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари |
_______________ _______________ _______________
(лавозими) (имзо) (исми-шарифи)
Ижрочининг ФИО ва телефон рақами