• Ishonch telefoni: 1298 •

Архитектура-шаҳарсозлик кенгаши

MCUZ > Архитектура-шаҳарсозлик кенгаши

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгаши

Кенгаш давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, лойиҳа-қидирув ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудлари, унинг қисмлари, шу жумладан, аҳоли пунктлари ва қишлоқлараро ҳудудларини шаҳарсозлик жиҳатдан ривожлантириш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи коллегиал орган ҳисобланади.

Кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб беради ва ўз ишини Кенгаш раиси томонидан тасдиқланадиган иш режаси асосида олиб боради.

Кенгашнинг асосий вазифалари ва функтсиялари:

Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
— шаҳарсозлик ва архитектурани янада ривожлантириш контсептсиялари ва дастурларини шакллантириш, кўриб чиқиш ва амалга ошириш ишларини ташкил этиш;

— шаҳарлар, шаҳар посёлкалари ва архитектура комплексларининг бош режалари лойиҳаларини кўриб чиқиш ва келишиб олиш, уларнинг амалга оширилиши, архитектура-режалаштириш ҳужжатлари, муҳим шаҳарсозлик норма ва қоидалари, давлат стандартларга риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш;

— илмий асосланган ҳолда аҳолини жойлаштириш, ҳудудларни режалаштириш ва қуриш, замонавий талабларни, миллий архитектура-маданий анъаналарни, шаҳар ҳудудларидан самарали фойдаланиш, табиий муҳитга зиён етказмайдиган муносабатда бўлишни ҳисобга олган ҳолда аҳоли пунктларининг архитектура-режалаштириш тузилмасини уйғун ривожлантириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

— аҳоли пунктларининг ижтимоий ва муҳандислик-транспорт инфратузилмасини комплекс янгилаш, замонавий шаҳар марказларини шакллантириш, эски турар жой муҳитининг шинамлигини сифат жиҳатидан оширишни ҳамда тарихий-архитектура мероси объектлари сақлаб қолинишини назарда тутган ҳолда эски шаҳар туманларини реконструктсия қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш.

Кенгаш ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функтсияларни амалга оширади:

— шаҳарсозлик ва архитектурани янада ривожлантириш контсептсиялари шакллантирилишини, кўриб чиқилишини ва амалга оширилишини ташкил этади;

— шаҳарсозлик ва архитектура соҳасида комплекс давлат дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади, уларни муҳокама қилиш ва келишиш ишларини ташкил этади ҳамда уларнинг амалга оширилишига кўмаклашади;

— республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг шаҳарсозликка оид қисмларини кўриб чиқади ва келишади;

— шаҳарлар, шаҳар посёлкаларининг ва архитектура комплексларининг бош режалари лойиҳаларини кўриб чиқади, келишади ҳамда уларни тасдиқлаш учун тавсия этади;

— белгиланган тартибда тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига, шу жумладан, шаҳарлар ва туманлар марказларининг бош режаларига асосли ўзгартиришлар киритилишига розилик беради;

— шаҳарлар, шаҳар посёлкалари ва архитектура комплексларининг бош режалари лойиҳалари амалга оширилишида архитектура-режалаштириш ҳужжатларига, шунингдек, муҳим шаҳарсозлик норма ва қоидаларига, давлат стандартларга риоя этилиши юзасидан назоратни ташкил этади;

— аҳоли пунктларининг замонавий архитектура қиёфасини шакллантириш, комплекс равишда қуриш, ижтимоий, муҳандислик ва транспорт инфратузилмасини таъминлаш бўйича аҳоли пунктлари шаҳарсозлик ҳужжатларининг асосий қоидалари бажарилиши тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг ҳамда вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади;

— Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аҳолини жойлаштириш бош тарҳи ҳамда Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудини режалаштириш тарҳларини, умумдавлат аҳамиятига молик алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришнинг тармоқ тарҳларини ҳамда муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш лойиҳаларини кўриб чиқади ва уларни тасдиқлаш, амалиётга татбиқ этиш юзасидан таклифлар ва тавсияларни ваколатли органларга киритади;

— умумдавлат аҳамиятига молик алоҳида, шу жумладан, табиий ва сув объектлари зоналарини, рекреацион, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг таъсирига учраган, фойдали қазилмалар жойлашган ва бошқа ҳудудларнинг чегараларини белгилайди ҳамда тегишли объектлар ҳудудларида шаҳарсозлик фаолияти тартиботини ўрнатиш бўйича ҳужжатларни кўриб чиқади ва улар юзасидан тавсиялар қабул қилади;

— минтақаларда экологик вазиятни яхшилаш, ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, маданий мерос объектлари ҳудудларини сақлаш, умумдавлат аҳамиятига молик муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш чора-тадбирларини ташкил этади;
ҳудудларни ривожлантиришга доир лойиҳа ечимларини кўриб чиқади;

— аҳоли пунктларининг ижтимоий ва муҳандислик-транспорт инфратузилмасини комплекс янгилаш, замонавий шаҳар марказларини шакллантириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

— эски турар жой муҳитининг шинамлигини сифат жиҳатидан оширишни ва тарихий-архитектура мероси объектлари сақлаб қолинишини назарда тутган ҳолда эски шаҳар туманларини реконструктсия қилиш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органларига тавсиялар киритади.

Кенгаш қуйидаги ҳуқуқларга эга:

— вақтинча ишчи гуруҳлар тузиш ва уларда ишлаш учун мутахассисларни жалб этиш;

— давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан Кенгаш фаолиятига доир ҳужжатларни сўраб олиш;

— давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда лойиҳа-қидирув ташкилотлари томонидан ҳудудларни шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш соҳасида олиб борилган ишлар ҳолатини ўрганиш, шунингдек, уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар тайёрлаш.

Кенгаш фаолиятини ташкил этиш
Кенгашга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари раислик қилади, унинг ваколатига қуйидагилар киради:

— Кенгаш мажлисининг кун тартибини белгилаш ва мажлисни чақириш;

— Кенгаш томонидан тузилган ишчи гуруҳлар фаолиятини назорат қилиш;

— Кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан назоратни ташкил қилиш;

— Кенгашга юкланган вазифаларни бажариш бўйича Кенгаш аъзоларининг фаолиятини назорат қилиш;

— Кенгаш аъзолари зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича ишларини мувофиқлаштириш;

— Кенгаш аъзоларининг шахсий таркибини ўзгартириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;

— Кенгашнинг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга ошириш.

Кенгаш аъзолари:

— Кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилишда ва ҳал этишда қатнашадилар;

— шаҳарсозликнинг долзарб масалалари бўйича Кенгашга таклифлар киритадилар;

— Кенгашда муҳокама қилинадиган масалалар бўйича хулосалар берадилар.

Кенгаш аъзолари Кенгашдаги ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадилар. Кенгаш мажлисининг ўтказилиш вақти, жойи ва кун тартиби тўғрисида Кенгаш аъзолари мажлис ўтказиш кунидан камида уч кун олдин хабардор қилинади.
Кенгаш мажлисини унинг раиси олиб боради. Кенгаш раиси бўлмаган тақдирда унинг ўринбосари бошқаради.
Кенгаш, агар мажлисда унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, қарор қабул қилишга ваколатли ҳисобланади.
Кенгаш мажлисига унда кўриб чиқилаётган масалаларнинг аҳамиятига кўра давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, лойиҳа-қидирув ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари таклиф этилиши мумкин.

Кенгашнинг ишчи органи ва котиби

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Кенгашнинг ишчи органи (кейинги ўринларда ишчи орган деб аталади) ҳисобланади.
Ишчи орган:

— Кенгаш фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлашни амалга оширади;

— иш режаси лойиҳасини тайёрлайди, Кенгаш муҳокамасига киритади ва тасдиқланган иш режаси бажарилишини таъминлайди;

— Кенгаш мажлисига зарур бўлган материаллар тайёрланишини таъминлайди ва манфаатдор ташкилотлардан зарур материаллар ва эксперт хулосаларини олади;

— Кенгаш мажлиси кун тартибидаги масала бўйича таҳлилий материаллар тайёрланишини ташкил этади;

— тушган мурожаатларни кўриб чиқади ҳамда Кенгаш ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар лойиҳаларини тайёрлайди.

Кенгаш котиби:

— Кенгаш мажлисига зарур бўлган ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, Кенгаш мажлисига материаллар тайёрлаш бўйича ишчи органнинг ишини ташкил этади;

— Кенгаш раиси билан мажлис ўтказиш муддатлари ва жойини, шунингдек, таклиф этиладиганлар рўйхатини келишади, Кенгаш аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг ўтказиладиган санаси, вақти, жойи тўғрисида хабардор қилади;

— кун тартибидаги масалалар бўйича Кенгаш мажлислари ўтказилишини ташкил қилади, Кенгаш мажлиси баёнларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баёнларнинг Кенгаш аъзоларига ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юборилишини таъминлайди;

— Кенгаш қарорлари ижроси мониторингини олиб боради ва унинг якунларини кўриб чиқиш учун Кенгаш мажлисига тақдим этади.

Кенгаш томонидан қарорлар қабул қилиш ва уларнинг бажарилишини таъминлаш
Кенгаш қарори Кенгаш мажлисида қатнашаётган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Кенгашнинг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар юзасидан ўз фикрини ёзма равишда билдириш ҳуқуқига эга.
Кенгаш раиси қарорларни тезкор қабул қилиш мақсадида Кенгашнинг алоҳида масалалар бўйича Кенгаш аъзолари билан келишилган қарорларини сўров йўли билан тасдиқлаши мумкин.
Кенгаш қарорлари Кенгаш мажлиси баёни билан расмийлаштирилади. Кенгаш мажлиси баёни ишчи орган раҳбари ва Кенгаш котиби томонидан имзоланади, Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта муддатда Кенгаш аъзолари ҳамда манфаатдор ташкилотларга юборилади.
Кенгаш баёнининг асл нусхаси Вазирлар Маҳкамасининг Коммунал соҳа, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаментида сақланади.
Кенгашининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари барча вазирликлар, идоралар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир.
Кенгашнинг ишчи органи ва котиби Кенгаш қарорларининг бажарилишини мунтазам равишда ўрганадилар ва кўриб чиқадилар, зарурият бўлганда Кенгаш раисига тегишли ахборотлар ва таклифлар киритадилар.
Кенгашнинг иш тартиби унинг Кенгаш томонидан тасдиқланадиган Регламентида белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгаши ТАРКИБИ:

Раматов А.Ж. – Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси, Кенгаш раиси

Зокиров Б.И. – Қурилиш вазири, Кенгаш раисининг ўринбосари

Солиев М.Х. – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири

Абдуллаев А.Х. – Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси

Қўчқоров Б.Т. – Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси

Абдувалиев А.А. – Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раиси

Мирзаев М.М. – Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари

Каримов А.Р. – Молия вазирининг ўринбосари

Эргашев Р.М. – Ички ишлар вазирининг ўринбосари

Ахмедходжаев А.И. – Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири

Рузибоев Б.К. – Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари

Сайидалиев С.С. – Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи

Туляганов К.Н. – Қурилиш вазирининг ўринбосари, Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳаси бўйича назорат инспектсияси бошлиғи

Мустафоев У.М. – “Ўзбекенерго” АЖ бошқаруви раиси

Турсунов Ш. – “Ўзтрансгаз” АЖ бошқаруви раиси

Лавозими бўйича – Маданият вазирлигининг Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва фойдаланиш бўйича илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси бошлиғи

Хакимов Р.Р. – Тошкент архитектура-қурилиш институти ректори

Маджидов Г.Г. – “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУК директори

Шарифов Р.С. – “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК директори

Ахмедов И.С. – “Қишлоққурилишлойиҳа” МЧЖ директори

Магрупов Й.Д. – “ЎзГАШКЛИТИ” ДУК директори

Наджимов М.Ф. – “Ўзсувлойиҳа” АЖ директори

Шоисматов С.Э. – “Иссиқликелектролойиҳа” АЖ директори

Қаҳҳоров С.С. – “Йўллойиҳабюроси” МЧЖ директори

Гаюпов А. – “Алоқалойиҳа” ДУК директори

Кулбанский Д.И. – “Ўртаосиётармоқлойиҳа” АЖ директори

Латипов А.Д. – “Ўзкоммуналлойиҳақурилиш” МЧЖ директори

Қосимов К.Д. – “Ўзгазлойиҳа” МЧЖ директори

Қодиров Б. – Вазирлар Маҳкамасининг Коммунал соҳа, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаментининг шуъба мудири

Лавозими бўйича – Қорақалпоғистон Республикаси Архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармалари бошлиқлари

Хикматуллаев Р.Н. – Қурилиш вазирлиги ҳудудлар архитектураси ва шаҳарсозликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи, Кенгаш котиби

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгаши тўғрисида низом