Дунё харитасида биронта шаҳар йўқки, уни дарёлар кесиб ўтмаган бўлса. Масалан, Парижда Сена, Будапештда Дунай, Варшавада Висла, Петербургда Нева, Тошкентда Анҳор алоҳида кўрк бағишлайди уларга. Бизнинг Чортоқда ҳам ана шундай сув йўли бор. У Чортоқсойдир.
Бироқ кейинги пайтларда, унинг ҳолати ҳавас қиладиган даражада эмас эди. Мана энди бу ерда катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари бошланди. Қурувчилар меҳнати билан сой туман марказининг кўркига айланади. Маълум қилишларича, сойнинг ўзани тозаланади, қирғоқлари мустаҳкамланади ва ободонлаштирилади, кўприклар таъмирланади. Қисқаси, унинг соҳиллари сайр қиладиган сўлим маскан қиёфасига киради.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Наманган вилоятида юксак сайёҳлик салоҳиятига эга хушманзара масканлар ва ҳудудлар оз эмас. Уларнинг имкониятларидан оқилона фойдаланилса, иқтисодиётга ҳам, аҳолига ҳам катта фойда келади. Фақат инвестиция йўналтириш, пишиқ-пухта ва замонавий лойиҳалар асосида иш юритиш лозим. Бу фикрлар пурвиқор тоғлар этагида жойлашган Нанай қишлоғига ҳам тааллуқли.
Ҳозир Нанайда 130 га яқин уй меҳмонхоналари, дам олиш зоналари, кўплаб миллий таомлар ошхоналари ва кемпинглар бор.
– Лойиҳаларнинг аксариятини истиқболли, деб ўйлайман, – фикр билдирди Янгиқўрғон туман қурилиш бўлими бошлиғи Элёр Эргашев. – Жумладан, тадбиркорлар Аъзамжон Раҳимов, Дилмурод Абдусатторов, Тўрамирза Мирзафаров, Мирғолиб Абиловнинг уй меҳмонхоналарини қуриш, Алишер Усувалиевнинг “Оҳу” дам олиш маскани негизида бассейн, фитнес-клуб, пляж футболи майдони ва ўтовлар, кемпингларни барпо этиш бўйича лойиҳалари тақдим этилди.