• Ishonch telefoni: 1298 •

Ҳудудлардан хабарлар

MCUZ > Янгиликлар > Фотолавҳалар > Ҳудудлардан хабарлар
Авг 1, 2022 Posted by: tested Фотолавҳалар Янгиликлар

📎Қадимий, буюк ипак йўлида жойлашган Кармана тумани Навоий вилоятининг 950 кв км ҳудудини эгаллаган ва бу ерда 133 000 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Сўнгги йилларда Республикамизнинг барча ҳудудлари қатори карманаликларнинг ҳам уй-жой масаласидаги муаммолари ижобий ечим топмоқда. Хусусан, 2017-2021-йилларда туманда 22 та массивда 1429 та уй-жойлар қурилиб фойдаланишга топширилди. Биргина янгидан ташкил этилган “Зарафшон” МФЙ мисолида оладиган бўлсак, ҳудудда 10 та 5 қаватли уй қурилиб, булар 200 та оилага субсидия асосида фойдаланишга топширилди.

❗️16 йил ўз уйи бўлишини кутиб, қайнонаси хонадонида яшаган Тоғаевлар оиласи барча шароитларга эга замонавий, кенг ва шинам уйга кўчиб ўтганидан хурсанд. Кармана туманида уй-жойга муҳтож бўлган оилалар сони 2,5 мингтани ташкил этади ва мазкур аҳолининг 1,5 мингтаси тўлов қобилиятига эга. Инсон қадри ва манфаати улуғланган юртимизда қурилиш ва бунёдкорлик ишлари жадал давом этаётган экан, ҳали яна кўплаб оилаларга бундай бахт кулиб боқади. Ислоҳотлар самараси Кармана туманида ҳам бўй кўрсатиб, ҳудуддаги 21 гектар ер майдонида “Янги Ўзбекистон” массиви бунёд этилмоқда.

🏗2022-2026-йилларга мўлжалланган бунёдкорлик ишлари таркибида 1 тадан 1056 ўринли умумтаълим мактаби, 120 ўринли МТТ, 100 қатновли оилавий поликлиника, МФЙ, маданият уйи, сунъий қопламали футбол майдончаси, бозор, дорихона ва маиший хизмат кўрсатиш биноси, 2 тадан умумий овқатланиш ҳамда савдо марказларини қурилиши ҳам режалаштирилган. Массив ҳудудида бир қатор ижтимоий ишлаб чиқариш, бозор инфратузилмаси ва маиший хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига 200 га яқин янги иш ўрни яратилади.

✔️Шунингдек, массивга яқин ҳудудда 564 гектарли “Навоий” ЭИЗ жойлашган бўлиб, ҳозирда бўш турган 250 гектар ер майдонидан унумли фойдаланиш мақсадида 2022-2023-йилларда умумий қиймати 113 млн доллар бўлган 12 та лойиҳа амалга оширилади. Натижада ишлаб чиқариш кўлами кенгайиши баробарида 1337 та янги иш ўрни ҳам яратилади.