Ishonch telefoni: (+998 71) 210-11-04 (ichki raqam 5 )

Вазирлик ҳақида

MCUZ > Вазирлик ҳақида

Вазирликнинг вазифалари ва функциялари

1. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

— шаҳарсозлик ва қурилиш учун муҳандислик-техник изланишлар соҳасида ягона давлат илмий-техника сиёсатини олиб бориш, меҳнат унумдорлигини ошириш, қурилиш-монтаж ишлари қийматини камайтириш, ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган энергия жиҳатидан самарали ва энергияни тежайдиган инновацион лойиҳалар ва ечимларни қурилиш фаолиятига жорий этиш;

— республика ҳудудида аҳолини жойлаштиришнинг бош схемасини, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар, шаҳарлар ҳудудларини режалаштириш схемаларини, аҳоли пунктларининг бош режаларини ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни ташкил қилиш, уларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг олиб бориш;

— шаҳарсозлик соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш, архитектура-қурилиш фаолиятини ривожлантиришнинг узоқ муддатли ва ўрта муддатли давлат дастурларини ишлаб чиқиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг тармоқ ва ҳудудий дастурларини тайёрлашда иштирок этиш;

— лойиҳа иши ва қурилиш фаолиятини мувофиқлаштириш, лойиҳа-қидирув ташкилотларининг иш самарадорлигини ошириш ва ҳудудий тармоқларини кенгайтириш, якка тартибдаги, намунавий, такроран қўлланиладиган ва экспериментал лойиҳаларни ва лойиҳа ечимларини ишлаб чиқишни ташкил этиш, шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш;

— шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш ва янгилаш, идоравий қурилиш норма ва қоидалари ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш, лойиҳалаш, қурилиш, қурилиш материаллари ва буюмларини ишлаб чиқариш соҳасида стандартлаштириш ишларини амалга ошириш;

— архитектура, лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашга, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқув жараёнининг даражаси ва сифатини тубдан яхшилашга, қурилиш соҳасида, жумладан, чет элдаги етакчи илмий-тадқиқот муассасаларида лойиҳачилар ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга кўмаклашиш.

2. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) шаҳарсозлик ва қурилиш учун муҳандислик-техник изланишлар соҳасида ягона давлат илмий-техника сиёсатини олиб бориш, меҳнат унумдорлигини ошириш, қурилиш-монтаж ишлари қийматини камайтириш, ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган энергия жиҳатидан самарали ва энергияни тежайдиган инновацион лойиҳалар ва ечимларни қурилиш фаолиятига жорий этиш соҳасида:

— шаҳарсозлик, шаҳарсозлик фаолияти ва қурилиш учун муҳандислик-техник изланишлар соҳасида ягона давлат илмий-техника сиёсатини олиб боради, капитал қурилиш учун комплекс муҳандислик изланишлари давлат фондини шакллантиради ва тўлдиради;

— энергия жиҳатидан самарали ва энергияни тежайдиган инновацион лойиҳаларни, ечимларни, қурилиш материалларини, замонавий қурилиш технологиялари ва инновацион лойиҳаларни қурилиш фаолиятига жорий этади;

— пудрат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиради ва улар фаолияти мониторингини олиб боради;

— шаҳарсозлик ва капитал қурилишда илмий-техника тараққиёти муаммоларини мақбул тарзда ҳал этиш учун илмий-техника ва техник кенгашлар фаолиятини ташкил этади;

— капитал қурилишда ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга ҳамда пудрат ишлари бозорини ривожлантиришга кўмаклашади;

— лойиҳалаштириш ва қурилиш ташкилотларини баҳолашнинг мезонлари ва механизмини акс эттирувчи кўрсаткичлар тизимини жорий этади;

— қурилиш соҳасида янги техника, технология ва механизмларни жорий этиш ҳисобига меҳнат унумдорлигини оширади;

— манфаатдор вазирликлар билан биргаликда марказлаштирилган капитал қўйилмалар ҳисобига молиялаштириладиган обектлар қурилишида нархларнинг сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймаган ҳолда уларнинг шакллантирилиши юзасидан доимий назорат ўрнатади;

— қурилиш қиймати пасайтирилишини, ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган илғор технологияларни қурилиш соҳасига жорий этади;

— қурилиш-монтаж ишлари технологияларини қўллаш масалалари бўйича хорижий мамлакатлар ва ташкилотлар билан халқаро илмий-техник ва иқтисодий ҳамкорликни амалга оширади;

— танлов савдоларини ўтказиш бўйича консалтинг марказлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

б) республика ҳудудида аҳолини жойлаштиришнинг бош схемасини, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар, шаҳарлар ҳудудларини режалаштириш схемаларини, аҳоли пунктларининг бош режаларини ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни ташкил қилиш, уларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг олиб бориш соҳасида:

— Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аҳолини жойлаштиришнинг бош тарҳи ишлаб чиқилишини, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар (вилоятлар гуруҳлари) ҳудудини режалаштириш тарҳлари ва умумдавлат аҳамиятига молик алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти обектларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқилишини, шунингдек, шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги илмий-тадқиқот ишлари ташкил этилишини таъминлайди;

— шаҳарлар, шаҳар посёлкаларининг бош режаларини ва Тошкент шаҳрининг, вилоят марказларини ва маданий мерос обекти аҳамиятига эга бўлган шаҳарларнинг марказий қисмларини бош режалаштириш лойиҳаларини тасдиқлайди, тасдиқланиши Вазирлар Маҳкамасининг ваколатига тегишли бўлган шаҳарларнинг бош режалари бундан мустасно;

— шаҳарсозлик соҳасида илмий-тадқиқот ишлари, ҳудудларнинг ривожланишини режалаштириш ва қуриш тўғрисидаги шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича буюртмачи функцияларини бажаради;

— умумдавлат аҳамиятига молик алоҳида тартибга солинадиган шаҳарсозлик фаолияти обектлари учун чегаралар белгилаш ҳақида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

— шаҳарсозлик ҳужжатларининг амалга оширилиши юзасидан мониторингни ва давлат шаҳарсозлик кадастрини юритади;

— аҳоли пунктлари бош режалари, қишлоқлар (овуллар) фуқаролар йиғинлари ҳудудларини архитектура-режалаштириш жиҳатдан ташкил этиш лойиҳаларидан барча фойдаланишини Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги сайтида уларнинг очиқ график қисмини эълон қилиш йўли билан таъминлайди;

в) шаҳарсозлик соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш, архитектура-қурилиш фаолиятини ривожлантиришнинг узоқ муддатли ва ўрта муддатли давлат дастурларини ишлаб чиқиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг тармоқ ва ҳудудий дастурларини тайёрлашда иштирок этиш соҳасида:

— шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлайди;

— архитектура-қурилиш фаолиятини ривожлантиришнинг узоқ муддатли ва ўрта муддатли давлат дастурларини ишлаб чиқиш, шунингдек, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг тармоқ ва ҳудудий дастурларини тайёрлашда иштирок этади;

— шаҳарсозлик фаолиятини ривожлантиришнинг устувор вазифаларини белгилашда қатнашади;

— ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича республика мақсадли дастурлари, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозларининг шаҳарсозлик бўлимларини ишлаб чиқишда ва амалга оширишда қатнашади;

— аҳолини шаҳарсозлик фаолияти тўғрисида мунтазам равишда хабардор қилиб боради;

— ўз ваколати доирасида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида хорижий давлатлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга оширади;

г) лойиҳа иши ва қурилиш фаолиятини мувофиқлаштириш, лойиҳа-қидирув ташкилотларининг иш самарадорлигини ошириш ва ҳудудий тармоқларини кенгайтириш, якка тартибдаги, намунавий, такроран қўлланиладиган ва экспериментал лойиҳаларни ва лойиҳа ечимларини ишлаб чиқишни ташкил этиш, шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш соҳасида:

— лойиҳалаштириш ва қурилиш соҳасида янги концепцияларни яратади;

— лойиҳалаш ишини ва қурилиш фаолиятини мувофиқлаштиради;

— якка тартибдаги, намунавий, такроран қўлланиладиган ва экспериментал лойиҳаларни ва лойиҳа ечимларини ишлаб чиқишни ташкил этади;

— ўз ваколатлари доирасида мониторинг олиб боради, текширишлар ўтказади, уларнинг натижаларини умумлаштиради, шунингдек, етакчи лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар кўради;

— лойиҳа ташкилотлари ва улар фаолиятининг натижалари тўғрисидаги ҳисобот ва ахборот материалларини, статистик ва бошқа маълумотларни ўрганишни ташкил этади;

— етакчи лойиҳа ташкилотларининг иш режалари ва бизнес-режаларини таҳлил қилади ва улар фаолиятини режалаштиришни такомиллаштириш чора-тадбирларини кўради;

— лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолияти самарадорлигини оширади;

— замонавий талабларга жавоб берадиган лойиҳа-қидирув ташкилотлари минтақавий тармоқларини кенгайтириш чораларини кўради;

— ўз ваколатлари доирасида лицензия талаблари ва шартларига риоя қилинишини назорат қилади;

— ўрганиш натижаси юзасидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар беради;

— шаҳарсозлик ҳужжатлари бажарилиши бўйича муаллифлик назоратининг роли ва масъулиятини ошириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилишини таъминлайди;

— шаҳарсозлик ҳужжатларининг экспертизасини ўтказади;

— қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шаҳарсозлик фаолиятининг айрим турларини амалга ошириш учун белгиланган тартибда лицензиялар беради;

— қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилган лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш чораларини кўради;

— лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартлари бажарилиши тўғрисидаги ахборот билан тўлдириб бориладиган марказлаштирилган маълумотлар базасини ташкил этади;

д) шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш ва янгилаш, идоравий қурилиш норма ва қоидалари ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш, лойиҳалаш, қурилиш, қурилиш материаллари ва буюмларини ишлаб чиқариш соҳасида стандартлаштириш ишларини амалга ошириш соҳасида:

— ўз ваколатлари доирасида шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилишини ташкил этади;

— шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминлайди, шунингдек, белгиланган тартибда уларни ишлаб чиқиш бўйича буюртмачи бўлади;

— қурилиш индустрияси корхоналари ва инвестиция фаолиятининг бошқа қатнашчилари тўғрисидаги маълумотлар базасини, шунингдек, қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмлари тўғрисидаги маълумотларнинг ахборот базасини шакллантиради;

— капитал қурилиш соҳасидаги норматив база бозор муносабатларини жорий этишни назарда тутувчи халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқилишини тизимли равишда ташкил этади;

— қурилиш, қурилиш индустрияси, жумладан, лойиҳалаштириш ва конструкторлик соҳасида стандартлаштириш ишларини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва таъминлашни амалга оширади;

— техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг давлат фондини шакллантиришда иштирок этади;

— шаҳарсозлик фаолиятида маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар хавфсизлигига қўйиладиган мажбурий талабларга тааллуқли техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида ишлар бажарилишини таъминлайди;

— шаҳарсозлик тизимида, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш материалларини олиб келиш, ишлаб чиқариш ва реализация қилишда мувофиқликни баҳолаш соҳасида давлат томонидан тартибга солишни амалга оширади;

— ўз ваколатлари доирасида махсус техник регламентларни тасдиқлайди, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритади, шунингдек, мазкур регламентларни бекор қилади;

— Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси фаолиятини маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, маҳаллий рақобатбардош, экспортга йўналтирилган қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва ассортиментини кенгайтириш, шунингдек, сифатли қурилиш материалларининг янги турларига бўлган ички талабни қондириш бўйича дастурий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш юзасидан мувофиқлаштиради;

э) архитектура, лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашга, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқув жараёнининг даражаси ва сифатини тубдан яхшилашга, қурилиш соҳасида, жумладан, чет элдаги етакчи илмий-тадқиқот муассасаларида лойиҳачилар ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга кўмаклашиш соҳасида:

— архитектура, лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашга тизимли асосда кўмаклашишни таъминлайди;

— ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежлари фаолиятини мувофиқлаштиради, шунингдек, ўқув жараёнида амалий машғулотларни ташкил этиш масалалари бўйича ҳамкорлик қилади;

— мутахассис кадрларни тайёрлашда шаҳарсозлик фаолиятини ривожлантириш тенденциялари ва хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда ўқув-методик ҳужжатлар, ўқув адабиётлари билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатади, шунингдек, малака талабларини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этади;

— юқори малакали профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантиришда, ўқув жараёнига шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги етакчи хорижий мутахассислар ва экспертларни жалб этишда, замонавий техника ва технологияларни жорий этишни ҳисобга олган ҳолда қисқа муддатли малака ошириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишда бевосита иштирок этади;

— белгиланган тартибда ваколатли органга ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларига талабалар қабул қилиш квоталари бўйича таклифлар киритади. Бунда қурилиш соҳасида мутахассисларга бўлган талабни ўрганади, шунингдек, янги замонавий мутахассисликлар бўйича таклифлар киритади;

— Вазирлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисоблан рағбатлантириладиган ихтисослаштирилган олий таълим муассасаларининг иқтидорли талабалари ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари жумласидан бўлган Вазирлик стипендиатларини аниқлайди;

— касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида қурувчилик касблари бўйича республика миқёсида касб маҳорати кўрик-танловларини, миллий архитектура лойиҳалари муаллифлари танловларини ташкил қилади ва ғолибларни тақдирлайди;

— талабаларнинг назарий билимлари ва амалий кўникмаларини шакллантириш мақсадида қурилиш обектларида кўчма дарслар ташкил этади;

— амалиёт дарслари самарадорлигини ошириш чораларини кўради, ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчи босқич талабаларини ишлаб чиқариш амалиётини ўташ учун лойиҳалаштириш институтлари ва қурилиш ташкилотларига тақсимлашга кўмаклашади, уларга тажрибали мутахассисларга бириктиради;

— ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларида етакчи лойиҳа ташкилотлари, йирик қурилиш ташкилотларининг тажрибали мутахассислари маърузаларини ташкил этади;

— қурилиш соҳасидаги лойиҳачилар ва мутахассисларнинг малакасини оширади ва уларни, шу жумладан, хориждаги етакчи илмий-тадқиқот муассасаларида қайта тайёрлашни ташкил этади;

— ихтисослаштирилган таълим муассасаларида якуний давлат аттестациясида иштирок этади, таълим муассасалари учун касбий амалий имтиҳонларни замонавий қурилиш-пудрат ташкилотлари базасида ўтказишга кўмаклашади;

— қурилиш соҳасидаги лойиҳачилар ва мутахассисларнинг доимий асосда малакасини оширади ва уларни тайёрлашни ташкил этади.

— Вазирлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.

3. Вазирлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек, унинг тизимига кирадиган таркибий ва ҳудудий бўлинмалар орқали ҳал этади.