Ishonch telefoni: (+998 71) 210-11-04 (ichki raqam 5 )

ПОЙТАХТДАГИ ҚУРИЛИШИ "ТЎХТАМАГАН" БИНОЛАР

MCUZ > Янгиликлар > Фотолавҳалар > ПОЙТАХТДАГИ ҚУРИЛИШИ “ТЎХТАМАГАН” БИНОЛАР
Фев 15, 2021 Posted by: tested Фотолавҳалар Янгиликлар

Сўнгги пайтларда ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали қулаб тушаётган ёки ноқонуний қурилган турар жойлар ҳақидаги хабарлар кўп тарқалмоқда. Шу боис Қурилиш вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекцияси бугунги кунгача пойтахтимизда хусусий инвесторлар ҳисобидан қурилаётган бир қанча кўп қаватли турар-жой биноларининг ҳолати ўрганиб чиқилганини ва Тошкент шаҳрида кўп қаватли турар-жой бинолари тасдиқланмаган ва экспертиза органларининг ижобий хулосаси олинмаган лойиҳа ҳужжатларисиз, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш юзасидан ваколатли органни хабардор қилмаган ҳолда, қурилиш ишлари амалга оширилаётганлигини аниқлаган. Қуйида эса булар ҳақида маълум қиламиз:

1. Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Беруний кўчаси 8-уй манзилида жойлашган “HUMO SARBON” МЧЖ томонидан “Кўп қаватли мехмонхона биноси” қурилиш ишлари бошлаб юборилганлиги ва Тошкент шаҳар Қурилиш соҳасида назорат инспекциясини хабардор қилиш тартиби орқали рўйхатдан ўтмагани аниқланган. Текширув жараёнида маълум бўлган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича 2020 йил 15 декабрда 2584-сонли бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма берилган. Ушбу ёзма кўрсатма талаблари белгиланган муддатида бажарилмаганлиги сабабли “HUMO SARBON” МЧЖ раҳбари ўринбосари Каримов Ҳусан Ғофуржановичга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан 2021 йил 21 январда Тошкент шаҳар Олмазор тумани маъмурий судига чора кўриш бўйича йиғма иш жилди юборилган ва Ўзбекистон Республикаси МЖкТнинг 99-моддаси 7-қисми билан жавобгарликка тортилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик Кодексининг 20-моддасига мувофиқ юқорида кўрсатилган ноқонуний равишда қурилаётган қурилмаларни бартараф этишни, аҳоли хавфсизлигини ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 41-сонли қарор ижросини таъминлаш мақсадида Аҳоли пунктлари комплекс қурилишини назорат қилиш Тошкент шаҳар Олмазор тумани ҳудудий ишчи гуруҳи комиссияси раисига 2021 йил 25 январда 292-сонли хат орқали юқорида кўрсатилган ҳуқуқбузарларга нисбатан чора кўриш масаласини атрофлича кўриб чиқиб, ўрнатилган тартибда тегишли чора кўриш ва қилинган ишлар натижаси бўйича маълумот бериш сўралган. Шунга қарамасдан бугунги кунда қурилиш монтаж ишлари тўхтатилмаган ҳамда инспекциядан рўйхатдан ўтилмаган.

2. Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Ж.Шоший 2-тор кўчаси, 4-уй ва Аския кўчаси 36, 36/1-уйлар ёнида “INSOFT INVEST” МЧЖ томонидан “Кам қаватли биноларни бузилиши ҳисобига пастки қаватларида савдо ва маиший дўконлари жойлашган кўп қаватли турар-жой бинолари”нинг қурилиш ишлари бошлаб юборилганлиги аниқланган. Мазкур қурилиш объекти ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли қарорига асосан Тошкент шаҳар Қурилиш соҳасида назорат инспекциясини хабардор қилиш тартиби орқали рўйхатдан ўтмаган. 2020 йил 7 майда молиялаштириш манбаларидан қатъи назар қурилиш объектларига, субъектнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда, ҳеч қандай тўсиқсиз кириш ҳамда рухсат ҳужжатлари мавжудлиги ва шаҳарсозлик меъёрлари ҳамда қоидаларига риоя қилиниши юзасидан қисқа муддатли текшириш олиб борилиб, текширув жараёнида аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича 2020 йил 27 майдаги 730-сонли бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилган ва улар белгиланган муддатида бажарилмаганлиги сабабли “INSOFT INVEST” МЧЖ раҳбари Қурбонов Махсуд Зиятовичга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан 2020 йил 5 июнда Тошкент шаҳар Яккасарой тумани маъмурий судига ҳужжатлар тўплами тақдим қилинган ва Ўзбекистон Республикаси МЖкТнинг 99-моддаси 7-қисми билан жавобгарликка тортилган. Юқорида кўрсатилган талабларни бажармаганлиги учун қурилишни тўхтатишга такроран берилган ва 2020 йил 21 октябрдаги 2127-сонли ёзма кўрсатма талаблари белгиланган муддатларда бажарилмагани учун “INSOFT INVEST” МЧЖ масъул мансабдор шахсига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилган, яна такроран Яккасарой туман маъмурий суди раиси номига 2020 йил 23 октябрда 2549-сонли хат билан юборилган. Шунга қарамасдан бугунги кунда қурилиш монтаж ишлари тўхтатилмаган ҳамда қонунчиликда ўрнатилган тартибда инспекциядан рўйхатдан ўтилмаган.

3. Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Сағбон 30-берк кўчаси манзилида жойлашган “SНАУХ АJ INVESТ” МЧЖ томонидан “Кўп қаватли турар жой биноси” қурилиш ишлари бошлаб юборилганлиги аниқланган. Мазкур қурилиш объекти ҳам Тошкент шахар Қурилиш соҳасида назорат инспекциясини хабардор килиш тартиби орқали рўйхатдан ўтмаган. Текширув жараёнида аниқланган ҳуқукбузарликларни бартараф этиш бўйича 2020 йил 18 августда 1158-сонли бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма берилган. Ушбу ёзма кўрсатма талаблари белгиланган муддатида бажарилмаганлиги сабабли “SНАУХ АJ INVESТ”  МЧЖ раҳбари Сайфуллаев Комилжон Қобилжон ўғлига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан 2020 йил 25 августда Тошкент шаҳар Олмазор тумани маъмурий судига чора кўриш бўйича йиғма иш жилди юборилган ва Ўзбекистон Республикаси МЖкТнинг 99-моддаси 7-кисми билан жавобгарликка тортилган. Аммо шунга қарамасдан бугунги кунда курилиш монтаж ишлари тўхтатилмаган ҳамда инспекциядан рўйхатдан ўтилмаган.

4. Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Бобур кўчаси 42-уй манзилида “ZARAFSHON BUILDING” МЧЖ томонидан Тошкент шаҳар Қурилиш соҳасида назорат инспекциясини хабардор қилиш тартиби орқали рўйхатдан ўтмасдан “Мавжуд биноларни пастки қаватларида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси бўлган кўп қаватли меҳмонхона ҳамда турар жой биноларига ихтисослаштириб реконструкция қилиш” бўйича қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Текширув жараёнида аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича 2020 йил 25 августдаги 1272-сонли бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма берилган. Ушбу ёзма кўрсатма талаблари белгиланган муддатида бажарилмаганлиги сабабли “ZARAFSHON BUILDING” МЧЖ раҳбари Суннатов Меҳриддин Ҳамробоевичга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан 2020 йил 9 сентябрда Тошкент шаҳар Яккасарой тумани маъмурий судига ҳужжатлар тўплами тақдим қилинган ва Ўзбекистон Республикаси МЖкТнинг 99-моддаси 7-қисми билан жавобгарликка тортилган. Жамият томонидан 2020 йил 11 сентябрда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмагунга қадар қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб туриш тўғрисида 35-сонли кафолат хати берилган. Бироқ, “ZARAFSHON BUILDING” МЧЖ томонидан қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилмаган ҳамда белгиланган тартибда инспекциядан рўйхатдан ўтиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмаган. Юқорида кўрсатилган талабларни бажармаганлиги учун такроран 2021 йил 9 февралда қисқа муддатли текширув ўтказилиб, шу санада 345-сонли ёзма кўрсатма берилган. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмагунга қадар қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб туриш тўғрисида 2021 йил 10 февралдаги 16-сонли кафолат хати тақдим қилинган.

5. “UCHTEPA QALQON” МЧЖ корхонаси Тошкент шаҳар, Сергели тумани, Сергели-5 мавзеси, М.Турсунзода кўчаси бўйида “Ертўласи (подволи) бўлган тўққиз қаватли турар-жой биноси”ни қуриш учун рухсатнома олмасдан бошлаб юборган. Ноқонуний қурилмага чора кўриш учун Аҳоли пунктлари комплекс қурилишини назорат қилиш Тошкент шаҳар Сергели тумани ҳудудий ишчи гуруҳи комиссияси раисига ваколат доирасида чора кўриши учун бир неча бор ҳатлар чиқарилган. Ҳокимият ва туман Прокуратураси томонидан бир неча бор огоҳлантиришлар натижасида эса иморатнинг қуриб битказилган 6- ва 7-чи қаватларигача бўлган қисмининг сифатини инструментал техник тафтишдан ўтказишга инспекция қошидаги қурилиш синов лабораторияси ва бино-иншоотларни техник ҳолатини ўрганиш бўлими билан шартнома тузиб, Тошкент шаҳар қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат Инспекцияси рўйҳатидан ўтган ва 2018 йил 6 июнда 330-Р сонли қурилиш ишларини бошлаш учун рухсатнома берилган. Аммо иморат юзасидан инструментал техник хулосани буюртмачи шартнома асосида тўлиқ тўлов пулини тўламаган ва тайёрлаб қўйилган инструментал техник хулосани олмаган. Қурилиш объектида қурилиш монтаж ишлари юзасидан олиб борилган мониторинглар даврида сифатсиз бажарилган ишлар ва инструментал техник текширувда аниқланган камчиликларни бартараф этмаганлиги юзасидан 2018 йил 19 июл куни 1286, 1287 ва 1288 сонли ёзма кўрсатмалар берилган, аммо “UCHTEPA QALQON” МЧЖ корхонаси томонидан камчиликлар бартараф этилмасдан қурилиш ишлари номаълум сабабларга кўра қурувчи томонидан вақтинча тўҳтатиб қўйилган. Қурилиш монтаж ишлари бошланиши билан инспектор томонидан 2019 йил 28 октябр куни 2938, 2939 ва 2940-сонли ёзма кўрсатма берилган. Кўрсатма талаблари бажарилмасдан, иморатнинг қурилиши тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларидан четлашган ҳолда қурилиш ишлари узил кесил яна давом эттирилиб келинган. 2020 йил 18 февралда 390-сонли ва 5 июлда 1048-сонли ёзма кўрсатма талабларини бажариш лозимлиги ҳақида “Огоҳлантириш хат”лари жўнатилган. “UCHTEPA QALQON” МЧЖ томонидан барча кўрсатмалар бефарқ қолдирилиб, қурилиш ишларини давом эттираётганлиги учун инспекция томонидан 2021 йил 12 январ куни 88-сон билан ёзма кўрсатма ва огоҳлантириш хатларидаги талабларни бажармасдан қурилиш-монтаж ишларини давом эттирилаётганлиги сабабли “Қурилиши битган иморатларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси”ни расмийлаштиришда Тошкент шаҳар қурилиш соҳасидаги худудий назорат Инспекцияси қатнашмаслигини маълум қилиб, навбатдаги “Огоҳлантириш хати” жўнатилган.  Аммо ҳозирги кунга қадар қурилиш ишларини амалга ошираётган масъул шахслар инспекцияга келишмаган. Шунингдек, ушбу объектни қураётган ташкилот “UCHTEPA QALQON” МЧЖ корхонаси раҳбарлари юзасидан 2020 йил бошида Ички ишлар Вазирлиги қошидаги тергов департаменти томонидан жиноий иш қўзғатилган пайтида ҳам иморат қурилишини тўхтатиш имкони бўлмаган.

“UCHTEPA QALQON” МЧЖ томонидан сифатсиз қурилиш монтаж ишлари ҳозирга қадар бартараф этилмаган, иморатнинг қурилиши тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига мос келмайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳудудларда рухсат берувчи тусдаги шаҳарсозлик ҳужжатларисиз қурилаётган объектларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли қарорининг 5-иловасига мувофиқ рўйхатдан ўтказиш қурилиш объектларида назорат тизимининг тўғри йўлга қўйилиши долзарблигини кўрсатмоқда. Қурилиш вазирлиги томонидан шу каби ноқонуний ва сифатсиз қурилмалар юзасидан юртимиздаги бошқа ҳудудлар бўйича ҳам маълумотлар бериш ишлари давом этади.

 

 Қурилиш вазирлиги

Матбуот хизмати