Хусусий инвесторлар ҳисобидан қурилаётган бир қанча кўп қаватли турар-жой биноларининг ҳолати Қурилиш вазирлиги томонидан ўрганилганда турар-жой бинолари тасдиқланмаган ва экспертиза органларининг ижобий хулосаси олинмаган лойиҳа ҳужжатларисиз, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш юзасидан ваколатли органни хабардор қилмасдан қурилиш ишлари амалга оширилаётган жуда кўплаб вазиятларга дуч келинади. Шу боис аввалги мақоламизда пойтахтимиздаги мана шундай қурилиш объектларидан 5 таси ҳақида айтиб ўтган эдик. Бошқа ҳудудларда ҳам бундай ҳолатлар кўплиги боис биз бу гал Тошкент вилояти ҳудудидаги ноқонуний қурилиш объектлари тўғрисида маълум қиламиз:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги 343-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудга бириктирилган инспектор томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани “Дўстлик” МФЙ ҳудудида амалга оширилаётган мониторинглар жараёнида “ENERGO TEHNIKA GRANT” МЧЖ томонидан тегишли шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштирмасдан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 ноябрдаги 961-сонли қарорлари талабини бузиб, ҳудудий Инспекцияни хабардор қилмасдан 3 та 4 қаватли турар жой биноларида ўзбошимчалик билан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётганлиги аниқланган. “ENERGO TEHNIKA GRANT” МЧЖ фаолиятида қисқа муддатли текшириш ўтказиш тўғрисида Тошкент вилояти қурилиш соҳасида назорат инспекциянинг 2020 йил 23 декабрдаги 279-сонли буйруғи асосида 1 кунлик текшириш ўтказилган.
Қисқа муддатли текшириш натижасига кўра ишга оид бўлган барча ҳужжатлар ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган ва ҳуқуқбузарликка йўл қўйган масъул шахсга нисбатан маъмурий баённома тузилиб, ҳуқуқбузардан тушунтириш хати ва тилхат олиниб, қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан Жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судига ҳужжатлар тўплами тақдим қилинган ва Ўзбекистон Республикаси МЖкТнинг 99-моддаси 7-қисми билан жавобгарликка тортилган.
Тегишли чора кўрилганидан кейин ҳам “ENERGO TEHNIKA GRANT” МЧЖ томонидан қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилмаган ҳамда белгиланган тартибда инспекциядан рўйхатдан ўтиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмаган.
2. Ҳудудга бириктирилган инспектор томонидан Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани “Ойдинобод” МФЙ ҳудудида амалга оширилган мониторинглар жараёнида “RUS BEK” МЧЖ томонидан тегишли шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштирмасдан, ҳудудий инспекцияни хабардор қилмасдан савдо ва маиший хизмат кўрсатиш комплексида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётганлиги аниқланган, рухсат ҳужжатлари мавжудлиги ва шаҳарсозлик меъёрлари ҳамда қоидаларига риоя қилиниши юзасидан қисқа муддатли текшириш олиб борилиб, аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича хўжалик юритувчи субъектнинг “RUS BEK” МЧЖ фаолиятида қисқа муддатли текшириш ўтказиш тўғрисида Инспекциянинг 2020 йил 23 декабрдаги 278-сонли буйруғи асосида 1 кунлик текшириш ўтказилган. Унга кўра ҳуқуқбузарликка йўл қўйган масъул шахсга нисбатан маъмурий баённома тузилиб, ҳуқуқбузардан тушунтириш хати ва тилхат олиниб, қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан Жиноят ишлари бўйича Чиноз туман судига ҳужжатлар тўплами тақдим қилинган ва Ўзбекистон Республикаси МЖкТнинг 99-моддаси 7-қисми билан жавобгарликка тортилган. Аммо тегишли чора кўрилганидан кейин ҳам “RUS BEK” МЧЖ томонидан қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилмаган ҳамда белгиланган тартибда инспекциядан рўйхатдан ўтиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирмасдан қурилиш монтаж ишлари давом эттирилмоқда.
3. Тошкент вилояти Чиноз тумани “Яллама” МФЙ ҳудудида амалга оширилган мониторинглар жараёнида “EUROAZIA TRANSPORTION AND LOGISTIK COMPANIY” МЧЖ ҚҚ томонидан тегишли шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштирмасдан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли ҳамда ушбу қарорга қўшимчалар киритиш юзасидан қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 ноябрдаги 961-сонли қарорлари талабини бузиб, ҳудудий Инспекцияни хабардор қилмасдан божхона терминалининг қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётганлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сон, 2019 йил 15 мартдаги ПФ-5690-сон Фармонлари ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2018 йил 6 сентябрдаги Б-55-сонбуйруғида (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2018 йил 7 сентябрда 3067-сон билан рўйхатдан ўтган) белгиланган тартибларга асосан 2020 йил 7 майда молиялаштириш манбаларидан қатъий назар қурилиш объектларига, субъектнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда ҳеч қандай тўсиқсиз кириш ҳамда рухсат ҳужжатлари мавжудлиги ва шаҳарсозлик меъёрлари ҳамда қоидаларига риоя қилиниши юзасидан қисқа муддатли текшириш олиб борилиб, текширув жараёнида аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича “EUROAZIA TRANSPORTION AND LOGISTIK COMPANIY” МЧЖ ҚҚ фаолиятига оид инспекциянинг 2020 йил 18 декабрдаги 761-сонли буйруғи асосида 1 кунлик текшириш ўтказилган. Қисқа муддатли текшириш натижасига кўра ҳуқуқбузарликка йўл қўйган масъул шахсга нисбатан маъмурий баённома тузилиб, ҳуқуқбузардан тушунтириш хати ва тилхат олиниб, қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан Жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судига ҳужжатлар тўплами тақдим қилинган ва Ўзбекистон Республикаси МЖкТнинг 99-моддаси 7-қисми билан жавобгарликка тортилган.
Тегишли чора кўрилганидан кейин ҳам “EUROAZIA TRANSPORTION AND LOGISTIK COMPANIY” МЧЖ ҚҚ томонидан қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилмаган ҳамда белгиланган тартибда инспекциядан рўйхатдан ўтиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирмасдан қурилиш монтаж ишлари давом эттирилмоқда.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Қурилиш вазирлиги ҳамда ҳудуддаги қурилиш соҳасида назорат инспекциялари томонидан ҳамиша ноқонуний ва сифатсиз қурилмалар барпо этаётган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган, аммо бундан ўзига керакли хулоса чиқармай, масъулиятни ҳам унутиб, талабга жавоб бермайдиган биноларни қуришда давом этишмоқда. Юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам булар каби турар жойлар бисёр ва биз улар ҳақида маълумот беришда давом этамиз. Ўйлаймизки, худди шундай хатога йўл қўйиб, бошқаларнинг хавфсизлиги ҳақида унутаётганлар ўзларига тегишли хулоса чиқариб олишади.
Қурилиш вазирлиги
Матбуот хизмати