Пресс-тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили ТошкентбошпланЛИТИ бўлди

MCUZ > Янгиликлар > Фотолавҳалар > Пресс-тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили ТошкентбошпланЛИТИ бўлди
Авг 30, 2022 Posted by: tested Фотолавҳалар Янгиликлар

📌Пресс-тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили ТошкентбошпланЛИТИ бўлди. Бу ерда журналистлар бош режаларни ишлаб чиқиш жараёни ва макетлар билан танишдилар.

💫Сўнгги йилларда мулоқотимизда мегаполис, ақлли шаҳар каби сўзлар янграй бошлади? Хўш, мегаполис ўзи нима? У қандай жиҳатлари билан фарқланади? Шаҳарларнинг бир-бирига қўшилиб кетиши ёки илмий атама билан айтганда агломерацияларнинг бирикиб кетиши натижасида ҳосил бўладиган йирик шаҳарлар тўплами мегаполис деб юритилади. Бунда урбанизация жараёнларининг ҳам ўрни катта аҳамиятга эга. Агар масалага шу жиҳатдан қарасак пойтахт Тошкентни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, шаҳарнинг бош режасини ишлаб чиқиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? – деган ҳақли савол туғилади. Бу борада охирги йилларда сезиларли ишлар қилинмоқда, – дейди соҳа мутахассислари. Маълум бўлишича, ТошкентбошпланЛИТИ корхонаси масъуллари туркиялик мутахассислар билан Тошкент шаҳрининг Бош режасини ишлаб чиқиш бўйича ишларни бошлаб юборишган.

“Биз бу жойни ҳаёт лабораторияси деб атадик. Боиси илғор технологиялар айнан шу ерда ҳаётга татбиқ этилади. Ҳозирда ўзбек мутахассислари билан бир қаторда, германия ва голландиялик экспертлар билан ҳам ҳамкорлик қиляпмиз. Тошкентни архитектуравий жиҳатдан ривожлантиришда унинг ўзига хос маданияти ҳам инобатга олинади. Шу кунларда Тошкентбошпланлити корхонасида ишларимиз қизғин босқичга чиққан. Режаларимиз мутасаддиларга маъқул бўлганидан мамнунмиз. Биз бу ателеда шаҳар ренесансини яратамиз. Бу жараёнларда ўзбекистонлик ёш салоҳиятли мутахассислар билан бир сафда меҳнат қилаётганимиз эътиборга молик. Тошкент шаҳрини лойиҳавий жиҳатдан такомилига етказишда аввало, экологик жиҳатга катта эътибор қаратилмоқда. Қулайлик ва хавфсизлик ҳам бирламчи масала. Биз ўзбек қурувчи дизайнерлари билан Тошкентни турли рангларда кашф қиламиз”, – дейди туркиялик урбанист

⚡️Бу ер маҳаллий ёш мутахассисларимиз ва хорижлик ҳамкорлар учун муҳокама майдони. Пойтахт қурилишида нималарга эътибор қаратиш керак, инфратузилма, транспорт, логистика, яшил ҳудудлар, бино ва иншоотлар жойлашувида шаҳарсозлик нормалари, бунда ривожланган давлатлар тажрибаси каби турли хил қарашлар илмий асосда амалиётга интеграция қилинмоқда. “Ақлли шаҳар” тушунчасига ёндашувлар хилма-хил, бироқ у доим технологиялар билан бойитилган аҳоли яшаш пунктини англатади. Бундай технологияларнинг моҳияти тушунарли – қурилмалар ўзаро алоқада ташқи олам билан инсон иштирокисиз, аммо унинг фаровонлиги йўлида хизмат қилади. Ақлли шаҳарларнинг мақсади – шаҳарликлар ҳаётини қулайроқ ва хавфсизроқ қилиш, шунингдек, шаҳар молия маблағлари ва ҳудудини тежашдан иборат. Келажакнинг идеал ақлли шаҳрида ҳар бир қадамда аҳолини технологиялар кутиб олади, улар ягона экотизимни ҳосил қилади ва инсон ҳаётининг барча жиҳатлари учун жавоб беради: жамоат транспортида ҳаракатланишдан тортиб, чиқиндининг қайта ишланишигача. Эътиборлиси ушбу муассасада ана шундай фикрлайдиган салоҳиятли ёшлар илмни реал ҳаётга кўчириш устида изланишмоқда.

🩸Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Қурилиш вазирлиги ва унинг соҳага масъул ташкилотлари эътиборидан Тошкент шаҳрини халқаро андозалар асосида ривожлантириш масаласи муҳим ўрин эгаллаган. Аҳолини талаб ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда шаҳарни кенгайтириш, қиёфасини босқичма-босқич ўзгартириш, бунда ҳар бир лойиҳа устида чуқур изланишлар олиб бориш бирламчи вазифа бўлиб қолмоқда.